Ўзбекистонда футболга рухсат берилди – фақат бошланиш санасига ойдинлик киритилса бўлгани

Коронавирус пандемияси дунё футболини маълум муддатга тўхтатиб қўйганлиги рост. Бармоқ билан санарли давлатларда расмий ўйинлар давом эттирилганлигини инобатга олмаганда деярли барча қитъаларнинг барча давлатлари асосий эътиборни инсониятни ҳали даъвоси топилмаган касалликдан қутқаришга қаратди. Футбол ва бошқа соҳалар иккинчи, учинчи... ўнинчи даражадаги ишга айланди.

Мана, ниҳоят дунё футболи яна жонлана бошланди. Германия, Дания ва Полшада гарчи мухлисларнинг стадионга киритилиши таъқиқланган бўлсада, расмий чемпионатлари давом эттирилди. Веьтнамда эса шу куннинг «кўз кўриб, қулоқ эшитмаган» воқеаси юз берди – футбол ўйинларига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ишқибозларнинг ҳам стадионларга киришига изн берилди.

Бугунги тонг ўзбек футбол шинавандалари учун ҳам хушхабарлар билан бошланди. Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра бир қатор соҳаларда карантин ҳолатларига енгиллик берилди, жумладан, футболга ҳам. «Футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга ҳамда 2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини томошабинлар иштирокисиз давом эттиришга рухсат берилди», дейилган комиссия қарорида.

Демакки, Профессионал футбол клубларига ўз ўқув-машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга рухсат этилди. Махсус комиссия ахборотида, шунингдек, футбол учрашувларини 5 июндан бошлаб давом эттириш мумкинлиги кўрсатилган. Бироқ бу Суперлига учрашувларини айнан шу санадан бошлаш шарт эканини билдирмайди. Бунинг учун аввало футболчиларнинг ўз формасини тиклаб олиши, мураббийлар мавсум давомига тайёргарлик кўриб олишлари учун бироз вақт керак бўлади. Бу эса футболчиларнинг майдонда жароҳатланиш ҳолатлари нисбатан камроқ бўлиши ҳамда барча масалалар пухта режа ва тайёргарлик билан амалга оширилишига имкон беради.

ЎзПФЛ юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда миллий чемпионат баҳсларини давом эттириш бўйича ўз режаларини ишлаб чиққан ва буни Суперлига клублари бош мураббийлари билан муҳокама қилган. ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг таъкидлашича, Суперлига учрашувлари, йил бошида ишлаб чиқилган Мусобақа регламентига асосан уй-сафар тизимида давом эттирилади.

Пандемия сабаб кўплаб давлатлар чемпионатида қўлланилиши кўзда тутилган «беш ўйинчини алмаштириш» қоидаси бизнинг футболга ҳам татбиқ этилади. Беш ўйинчидан уч нафари, аввалги қоидага асосан 90 дақиқа ичида исталган пайтда, эҳтиёж туфайли зарурат бўлганда эса қолган икки нафари танаффус даврида амалга оширилади. Шуни таъкидлаш лозимки, 5 футболчини ўзгартириш имконияти биринчи давра якуни, 13-турга қадар рухсат берилади. Ўйинларни ўтказиш тартиби ЎзПФЛ вакилларининг қатъий назорати остида ташкил этилади. Бунда стадионларга мухлисларнинг киритилмаслиги, икки жамоа расмийлари, ҳаттоки ўйинни ёритиш истагида бўлган Оммавий ахборот воситалари ходимларининг стадионга кириш ва чиқиш жараёнлари ҳам чекланган, қаттиқ тартиб остида амалга оширилади. Шунингдек, Про-лига, Биринчи лига, аёллар футболи, футзал мусобақалари борасида ҳам ЎзПФЛнинг режалари бор.

Бир сўз билан айтганда, расмий ўйинларнинг айнан қачондан давом эттирилиши борасида ЎзПФЛнинг алоҳида маълумотини кутамиз.

Ортга қайтиш

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003

Қуйидаги электрон почта оркали биз билан боғланишингиз мумкин: info@corona-virus.uz

Статистикаларни юбориш: