Ўзбекистон коронавирусни аниқловчи 50 мингта тест тизимини ишлаб чиқаришга тайёрлиги маълум қилинди

ОАКАдаги штабда 27 апрель куни ўтказилган брифингда Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили ўзбекистонлик олимлар ишлаб чиққан коронавирусни аниқловчи тест тизими тўғрисида сўз юритди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

“Вазирлик топшириғига кўра, олимлар февраль ойида вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалаётгани, вируснинг Ўзбекистонга ҳам кириб келиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда мамлакатда коронавирусни аниқловчи тест тизимини ишлаб чиқиш устида иш бошлаган эди.

Тест тизими СОВИД-19 вируси геномининг уч учаскасининг полимер занжир реакцияси (ПЗР) усулидаги таҳлилга асосланган ва бу ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест тизимининг алоҳида хусусиятидир. Ҳозирги кунда амалда ишлатилаётган мавжуд тестлар фақат бир участка таҳлилига асосланган. Мазкур тест тизимининг афзаллиги унинг тезкорлигидадир. Касалликка ташхис қўйиш учун инсон димоғидан намуна олинади, негаки айнан унда катта қисмда вирус тўпланади. Сўнгра вирус РНКси олинади, ДНК шаклига ўтказилади ва полимер занжир реакцияси (ПЗР) таҳлили амалга оширилади. Бутун жараён тахминан 5-6 соат вақтни олади. Бу экспресс тест эмас, балки фақат махсус лабораторияларда фойдаланиш мумкин бўлган тўла қонли тестдир”,-деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда мазкур тест тизимларининг лаборатория ва клиник синовлари якунланди. Вазирлик ҳузиридаги Илғор технология маркази 50 мингта шундай тест тизимини ишлаб чиқаришга тайёр. Тегишли ташкилотлардан ушбу тестдан фойдаланишга рухсат берилганидан сўнг уни тезкорлик билан ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.


Ортга қайтиш

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003

Қуйидаги электрон почта оркали биз билан боғланишингиз мумкин: info@corona-virus.uz

Статистикаларни юбориш: