“Тангем” 3 млн доларлик сериални Ўзбекистон халқига ҳадя этди

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туристик бренд элчиси, машҳур “Сарой жавоҳири” телесериалидаги Тамгем роли ижрочиси Ли Ён Э ўзи иштирокидаги янги сериални Ўзбекистонга ҳадя қилди.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туристик бренд элчиси, таниқли актриса Ли Ён Э ҳамда “ GroupEight” компанияси раиси Бьёнг Жун Сонг билан учрашув бўлиб ўтган.

         Учрашувда актриса бутун дунёдаги коронавирус билан боғлиқ пандемия сабаб апрель ойида Ўзбекистонга кела олмаслигини афсус билан қайд этиб, COVID-19 билан боғлиқ вазият нормаллашганидан сўнг продюсер Бьёнг Жун Сонг билан албатта мамлакатимизга ташриф буюришини маълум қилган.

         Актриса Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишишни мақсад қилгани, шунингдек мамлакатимиз туристик брендини тарғиб қилишда давом этишини алоҳида таъкидлаган.

         Учрашув давомида Ли Ён Э Ўзбекистон ҳалқига ўзи бош ролни ижро этган “Саимдан, ранг-баранг хотиралар” номли телесериалини беминнат асосда ҳадя қилган. Актриса ушбу сериал айни дамда аксарият вақтини уйда ўтказаётган Ўзбекистон аҳолисига вақтни мазмунли ўтказишга ёрдам беради дея умид билдирган.

         Ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда фильмни таржима ва дубляж қилишга доир ишлар олиб борилмоқда, ушбу жараёнлар ўз якунига етганидан сўнг сериал томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

         Маълумот учун: “Саимдан, ранг-баранг хотиралар” Жанубий Кореянинг 30 серияли драмаси бўлиб, кореялик машҳур мусаввир, хаттот ва шоира Шин Саимдан (1504-1551) ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур сериал 2017 йилда Жанубий Кореянинг “SBS” телеканалида эфирга узатилган. Шундан сўнг Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия, Таиланд ва бошқа мамлакатлар телекомпаниялари уни (ўртача 3 млн АҚШ доллари эвазига) трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.


Ортга қайтиш

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003

Қуйидаги электрон почта оркали биз билан боғланишингиз мумкин: info@corona-virus.uz

Статистикаларни юбориш: