Италиялик мутахассислар: "Коронавирус вақт ўтиши билан ўз кучини йўқотиши мумкин"

Италиялик баъзи экспертларнинг фикрига кўра, коронавирус вақт ўтиши билан ўз кучини йўқотиши мумкин экан. Бу эса одамларда нормал ҳаётга қайтишга бўлган умидларни уйғотади.

«CОVID-19 дастлаб ривожланади, кейин эса юқумлилик ва ўлимга олиб келиш даражасини йўқотиши мумкин” дейди Рим шаҳридаги Био-Медико университети профессори Массимо Гикоззи.

Милимо шаҳридаги Сан-Раффаеле касалхонасининг микробиология ва вирусология лабораториясининг директори Массимо Клементи шундай деди:

“Касалликка берган дастлабки баҳоларимиз унинг клиник кўриниши билан боғлиқ. Ҳозирда вируснинг тажовузкорлиги камайган. CОVID-19 март ойининг охири ва апрель ойининг биринчи ярмида авж олган эди ва ўшанда ҳар куни касалхонамизга 80 нафар бемор олиб келинарди. Уларнинг аксарияти зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган ва биз кўп ҳолларда уларни қутқара олмагандик. Аммо, сўнгги ҳафталарда ҳаммаси жуда ўзгариб кетди. Реанимация бўлимимиз олдингидек беморлар билан тўлиб тошмаяпти ва ҳатто беморлар учун бўш жойлар мавжуд. Инфекция чўққисига чиққан пайтлари бундай бўлади деб ўйламаганмиз. ”

Клементининг сўзларига кўра, одатда, янги пайдо бўлган вируслар биринчи босқичда доимо жуда тажовузкор бўлади. Кейин улар ўзлари кирган организмда яшашни ўрганадилар ва бу уларга омон қолиш имконини беради. Агар вирус ўзи жойлашган организмни ўлдирса, кейин у кўпая олмайди.

Коронавирус аста-секинлик билан бошқа вируслар каби унчалик хавфли бўлмаган касалликка айланишига умидлар бор. Аммо, ёзда иссиқ об-ҳаво келиши билан CОVID-19 заифлашадими ёки йўқ, деган саволга барча мутахассислар якдил фикр билдирмаган.

«Ҳозирча бу тахмин, лекин катта эҳтимол билан шундай бўлиши мумкин», деди Клементи.

Лекин, Пиза университетининг таниқли эпидемиологи профессор Лу Луижи Лопалконинг айтишича, ҳозирда буни тасдиқлаш учун илмий далиллар мавжуд эмас.


Ортга қайтиш

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003

Қуйидаги электрон почта оркали биз билан боғланишингиз мумкин: info@corona-virus.uz

Статистикаларни юбориш: