Дунёга машҳур вирусолог коронавирус тугаши билан боғлиқ 3 вариантни илгари сурди

Дунёга машҳур италиялик вирусолог ЖулиоТарро коронавирус пандемияси қандай асоратлар билан тугаши билан боғлиқ учта вариантни илгари суряпти. У шу ҳақидаги нуқтаи-назарини АҚШнинг Business Insider янгиликлар порталида эълон қилди.

Маълумот учун, ЖулиоТарро полиомиелитга қарши вакцина яратган буюк вирусолог –олим Альберт Сейбиннинг шогирди ҳисобланади.

Тарронинг айтишича, коронавирусдан тўлиқ самарали эмланишни кутиш керак эмас, сабаби у худди грипп каби мутацияга учраши мумкин. Мутахассис жорий пандемия тугаши билан боғлиқ учта йўлни ўртага ташламоқда ва унда вакцина эмас, балки даволаниш ҳамда ёз фаслига ишониш ҳисси устиворлик қиляпти.

“Коронавирус Эбола эмас, у учун вакцина талаб этилмайди. Соғлиқни сақлаш тизими эса интенсив терапия бўлинмаларини икки баробар қисқартириб юборганларининг айби билан инқирозни бошдан кечирмоқда.

Шу боис “ёз ойида пайдо бўлиши кутилаётган вирусга қарши амалий терапия, даволаш усули нормал ҳаётга қайтаришнинг пойдеворига айланади. Мен илм-фан ва иссиқ ҳароратнинг келиши бу ерда ўзаро иттифоқчига айланишидан умидворман. Ўшанда чўмилишга бора олишимизга ишонаман. Кўплаб одамлар эса коронавирус ҳақида илмий маълумотларга таянмай ва зарур билимларга эга бўлмай гапириб ётибди”,– дейди Тарро.

Унинг фикрига кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият қайсидир даражада шиширилган, чунки “бу анча ноодатий вирус бўлса-да, бахтимизга уни ўлим ҳолати бўйича атипик пневмония ва ҳатто ҳар учинчи беморни ҳаётдан олиб кетган Яқин Шарқ респираторли синдроми билан солиштириб бўлмайди.

Тарронинг таъкидлашича, бугун биз Эбола билан эмас, балки юқтирганларнинг қарийб 96 фоизи тирик қоладиган душман билан кураш олиб бормоқдамиз.

Вирусга қарши аниқ терапия пайдо бўлиши кутилаётгани ҳақида тўхталиб ўтар экан эксперт эпидемия якунланиши бўйича уч хил тахминни илгари сурмоқда.

“ У атипик зотилжам каби тўлиқ йўқ бўлиб кетиши мумкин; у Яқин Шарқ респираторлик синдроми каби яна пайдо бўлиши мумкин ёки қуш гриппи каби мавсумий касалликка айланиши мумкин. Бинобарин, вакцина эмас, тезда даволаш муҳимдир. Африкада вирус унчалик тарқалмаётгани эса ҳамма умидни ёз билан боғлашим учун асос беряпти”,– деб алоҳида таъкидлади Жулио Тарро.


Ортга қайтиш

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003

Қуйидаги электрон почта оркали биз билан боғланишингиз мумкин: info@corona-virus.uz

Статистикаларни юбориш: